» » » Германиянинг етакчи партиясида янги раҳбар


Германиянинг етакчи партиясида янги раҳбар

 

Германиянинг етакчи партиясида янги раҳбар

 

Куни кеча бўлиб ўтган, N24 телеканали тўғридан-тўғри трансляция қилган уюшманинг навбатдаги съездида овоз бериш жараёни иккинчи тур натижаларидан сўнг шундай хулосага келинди.

"Армин Лашет учун 521, Фридрих Мерцни қўллаб эса 466 киши қўл кўтарди. Шу тариқа мутлақ кўп овоз билан Армин Лашет сайланди", – деди ХДИ вакили.


Биринчи турда уч нафар номзод қатнашганди: ғолиб Лашет ва унинг асосий рақобатчиси Мерцдан ташқари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири, бундестаг ташқи сиёсат қўмитаси раҳбари Норберт Рёттген. Дастлабки босқичда ҳеч бир даъвогар етарли овоз йиға олмади. Қизиғи, биринчи турда Мерц Лашетдан 5 та кўп овоз олганди. Рёттген эса улардан сезиларли равишда ортда қолган.


Армин Лашет худди Бавария сингари Германиянинг энг йирик ҳудудларидан бири саналган, шу билан бирга аҳоли энг зич жойлашган Шимолий Рейн – Вестфалия федерал ери Бош вазири лавозимида ишлайди. Сайлов олдидан съезддаги нутқида у консенсус сиёсатини ёқлаши, немис жамиятини бирлаштириш йўлида ҳаракат қилишини таъкидлаган. Хусусан, канцлер Ангела Меркел олиб бораётган сиёсатни маъқуллаши ва бу муваффақиятли жараённи давом эттиришга тайёрлигини ҳам маълум қилган.


Онлайн тарзда кечган овоз бериш жараёнидан кейин ХДИ съезди делегатлари, қонунга мувофиқ, ўз танловларини ёзма равишда ҳам тасдиқлашлари шарт. Ёзма баёнот натижалари санаб чиқилгач, 22 январь куни узил-кесил ошкор қилинади.


Якуни бўйича янги ҳукумат шакллантириладиган Бундестаг сайловлари жорий йил 26 сентябрда бўлиб ўтади. Ангела Меркел аллақачон ушбу сайловлардан сўнг сиёсатдан кетишини эълон қилган. ХДИ-ХСИ (Христиан-социалистлар иттифоқи) консерватив альянси томонидан тақдим этиладиган сайлов олди рўйхатида ким етакчилик мавқеига эга бўлиши ва кейинчалик табиий равишда канцлер лавозимига сайланиш учун номзод қилиб кўрсатилиши эса шу икки бир-бирига яқин партиялар маслаҳатлашувидан кейин аён бўлади. Бу қарор яқин ойлар ичида чиқарилиши кутиляпти.

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий