» » » Ўзбекистонда илк бор монолит усулдаги автомобил йўл ўтказгичи Самарқандда қурилмоқда


Ўзбекистонда илк бор монолит усулдаги автомобил йўл ўтказгичи Самарқандда қурилмоқда


Хабарингиз бор Самарқанд туманининг эшкак эшиш канали бўйича Президентимиз ташаббуси билан "Самарқанд сайёҳлик мажмуаси" бунёд этилмоқда.

 

Шаҳар транспорт инфраструктурасини яхшилаш ҳамда янги қурилаётган туристик марказҳудудига келадиган сайёҳлар ҳамда юртдошларимизга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатимизда биринчи маротаба Самарқандда монолит усулда автомобиль йўл ўтказгичи қурилмоқда. Самарқанд шаҳридан ўтган М-39 автомобиль йўлининг 1083 километрида барпо қилинаётган янги йўл ўтказгич "Ўзбекистон темир йўллари”акциядорлик жамиятига қарашли "Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан бунёд қилинмоқда. Ушбу автомбил йўл ўтказгичи "Кўприкқурилишлойиҳа” УК ҳамда Россиялик лойиҳачи мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа асосида барпо қилинмоқда.

 

Фонарёв Дмитрий Владимировичнинг журналистларга берган интервьюсида келтирилишича, монолит кўприклардан дунёнинг барча ривожланган давлатларида фойдаланилмоқда. Айнан бу турдаги кўприклар мустаҳкам ва узоқ муддатга чидамлилиги ҳамда ҳаракатланиш учун қулайлиги билан ажралиб туради. Йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 110, кенглиги эса 28,9 метр бўлиб, икки йўналиш бўйлаб ҳар бирининг эни 3,5 метр бўлган 6 та қаторга ажратилган. Бундан ташқари, ҳар бирининг эни 0.75 метр бўлган 2 та хизмат йўлаги қурилиши ҳам кўзда тутилган. Кўприк остининг баландлиги габарити 5,5 метрдан иборат бўлади. Маълумотларга кўра, ушбу йўл ўтказгич қуриб фойдаланишга топширилгач бир соатда қарийиб 600 тага яқин, бир суткада эса 14 мингта автомобилни ўтказиш имкониятига эга бўлади.

 

Оралиқ қурилмаси-кесимсиз учоралиқли балка бўлиб, қурилиш баландлиги бўйича ўзгарувчан бўлади. Икки четидаги оралиқ қурилманинг узунлиги 33 метрдан ва ўртадаги оралиқ қурилманинг узунлиги 42 метр этиб белгиланган. Мазкур йўл ўтказгичга жами 6000 метр куб бетон ётқизиш ишлари мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 3000 метр куб бетон ётқизиш ишлари бажарилди. Деформацион чоклар резина-металли қоплама турида бўлиб, ўтказгичнинг эни ва узунаси бўйлаб ҳаракатланишига имконият беради ва автомобилларнинг текис ва равон ҳаракатланишига замин яратади. Мутахассисларнинг сўзларига кўра бундай деформацион чоклар биринчи маротаба ишлатилмоқда. Монолит оралиқ қурилма яхлит хавозаларда 2 босқичда қурилади. Дастлаб бир йўналишда учта ҳаракат йўли, кейин иккинчи йўналишда худди шунча ҳаракат йўли қурилади. Йўл ўтказгич қурилишига "Кўприкқурилиш”трести УКнинг 200 нафар ишчи ходимлари жалб этилган.

 

Бугунги кунга қадар мамлакатимизда йўл ўтказгичлар, кўприклар, корхоналаримизда тайёрлаб келинадиган йиғма темир бетон балкалари билан бунёд қилиниб келинаётган эди. Эндликда халқаро миқиёсда кенг қўлланиб келинаётган монолит усулда қурилаётган бундай ишоотларни ҳам бемалол ўзимизнинг мутахассисларимиз қурмоқда.

 

Кўприк туризм шаҳри бўлган Самарқанд аҳолиси ва сайёҳларучун кўплаб қулайликлар яратибгина қолмай, шаҳар кўркига ярашиқли ноёб иншоотлардан бири бўлади.

 

Дилфуза Эсанова

Комментариев: 0
Добавить комментарий