» » » Самарқандга 7 ойда 2 миллион нафар сайёҳ келди


Самарқандга 7 ойда 2 миллион нафар сайёҳ келди

Самарқандга 7 ойда 2 миллион нафар сайёҳ келдиСамарқандда туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижроси ўз самарасини бермоқда.

 

Вилоят туризмни ривожлантириш департаментининг маълумотларига кўра бугунги кунда Самарқанд вилоятида 551 та туристик объект, 5 минг 823 ўринли 138 та меҳмонхона, 1 минг 45 ўринли 118 та оилавий уй-меҳмонхоналар, 100 га яқин миллий ва европа таомлари тайёрланадиган ресторан, миллий услубдаги чойхоналар ҳамда 164 та туроператорлик субъектлари фаолият юритади.

 

Шунингдек, 230 та туристик синфга мансуб автотранспорт воситалари, ҳамроҳ-таржимонлар сайёҳларга беминнат хизмат кўрсатмоқда. Соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида вилоятга жами 2 миллион нафар атрофида турист ташриф буюрган. Шундан 359 минг нафарини 157 мамлакат фуқаролари ташкил этади. Сайёҳлар оқими ўтган йилга нисбатан икки баробарга ошган бўлиб, туризм соҳасида экспорт ҳажми 111,1 миллион АҚШ долларини ташкил қилган.

 

Маълумки, Самарқандга ташриф буюраётган сайёҳларга янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида 2018 йилнинг 1 январидан Самарқанд аэропортида "яшил” ва "қизил” йўлак тизими жорий этилган эди. 2019 йил январь-август ойлари давомида "яшил” йўлак орқали 97,4 фоиз ва "қизил” йўлакдан 2,6 фоиз йўловчилар ҳаракатланган. Янги тизим жорий этилгунга қадар Самарқанд халқаро аэропорти орқали мамлакатимизга кириб келган (1 та рейсда 150-190 киши) туристлар ўз багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатгача вақт сарфлаган бўлса, бугунги кунда ушбу жараён ўртача 30-45 дақиқани ташкил этмоқда.

 

Яна бир янгилик. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, мамлакатимиз ҳудудидаги аэропорт, вокзал ва сайёҳлар гавжум масканларда хорижий мамлакатлар фуқаролари учун махсус планшетлар ижараси йўлга қўйилди. Планшетлар аэропорт ва вокзалларнинг кутиш залларида сайёҳларнинг мурожаатларига кўра берилмоқда. Ушбу планшетларга Ўзбекистонга саёҳат қилаётган туристлар учун зарур бўлган барча мобиль иловалар юкланган.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2018 йилда Ўзбекистонга келган меҳмонларга қулай бўлиши учун аэропорт, вокзал ва сайёҳлар гавжум бўладиган жойларда махсус сим-карталар сотуви йўлга қўйилган эди. Роуминг хизмати муқобили сифатида ишлаб чиқарилган бу сим-карталарни фақат хорижий фуқаро паспорти билан харид қилиши мумкин.

 

Келгусида сайёҳларга телефон аппарати ва мобиль роутер ижарага бериш хизмати ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

 

Шу билан бирга Самарқанд шаҳрига кириб келаётган хорижлик сайёҳлар, қўшни давлат фуқароларининг мамлакатимиз туристик салоҳияти, соҳадаги муаммо ва камчиликлар ҳамда тизимни янада ривожлантириш бўйича таклифлари ҳам ўрганилмоқда.

 

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий