» » » Эркинжон Турдимов: Тўй-маъракалардаги дабдабозликларга барҳам бериш учун ҳуқуқий ҳужжатни кутиш шарт эмас!


Эркинжон Турдимов: Тўй-маъракалардаги дабдабозликларга барҳам бериш учун ҳуқуқий ҳужжатни кутиш шарт эмас!

Эркинжон Турдимов: Тўй-маъракалардаги дабдабозликларга барҳам бериш учун ҳуқуқий ҳужжатни кутиш шарт эмас! Самарқанд вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Эркинжон Турдимов facebookдаги саҳифасида бугунги тўй-маросимлардаги дабдабабозлик, исрофгарчилик, манманлик каби иллатлардан халос бўлиш халқимиз учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам ҳали ҳануз долзарб бўлиб турганини эслатган.

Ҳоким маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Ойна” журналида (1915 йил, 13-сон, 338—342-бетлар) эълон қилинган сатрларидан мисол келтирган: "Бизни кемиргувчи иллатлар” деган одатларимиз, шу тўй ва таъзия исминдаги девоналигимиздан иборатдур. Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлғон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлиға бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр...» Ҳоким орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтса-да, Беҳбудийнинг фикрлари долзарблигини йўқотмаганлиги, тўй-маросимлар азалий қадриятлардан анча узоқлашиб, фақат дабдаба ва ҳашамни кўз-кўз қилиш воситасига айланиб бораётганидан хавотирда эканини билдирган.

 

Вилоят ҳокими, Самарқанд вилоятининг Сенатдаги вакили ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзишича, тўйларда пайдо бўлаётган янгидан-янги бачкана одатлар, исрофгарчилик ҳамда ҳашамдорликка барҳам бериш учун давлат идораларининг муносабати, ҳуқуқий ҳужжатини кутиш шарт эмас. Бунга аввало, жамоатчилик ўз муносабатини билдириши, халқимиз, айниқса, ёшлар ўзлигимизга хос бўлмаган одатлардан тийилиши зарур.

 

Унинг айтишича, тўй-маърака ўтказаётган хонадон эгалари ресторан раҳбарияти билан келишуви чоғида келин-куёвнинг устидан пул сочиш, ресторанда сарполар тарқатиш, шунингдек, карнайнинг овозини ҳаддан ортиқ баланд қилмаслик каби шартларни қўйиши, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик ва дабдабабозлик каби иллатларга йўл қўймаслик масалалаларини келишиб олиши зарур.

 

Агар ёдингизда бўлса, 2018 йил мартда Сенат тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини муҳокама учун эълон қилган эди. 2018 йил июнь ойида ўтказилган 15-ялпи мажлисда қарор лойиҳаси бўйича халқ фикрини ўрганган сенаторлар тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчам ва камхарж қилиб ўтказиш учун қаттиқ меъёрларни ўрнатиш эмас, балки фуқароларнинг онгли равишда қарор қабул қилишларига эришиш лозимлигини таъкидлаган эдилар.

 

Дилфуза ЭСАНОВА

Комментариев: 0
Добавить комментарий