» » » Фирибгарлар найранги фош бўлди


Фирибгарлар найранги фош бўлди

Фирибгарлар найранги фош бўлдиСамарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалига қарашли туманлараро 4-сонли газ таъминоти участкаси чилангарлари Элбек Ҳолиқов, Фарҳод Мусурмонов, Азамат Ташановлар олдиндан жиноий тил бириктириб, Каттақўрғон тумани "Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Тожиеванинг хонадонига табиий газдан фойдаланиш аҳволини кўрикдан ўтказиш учун боришган.

 

Элбек Ҳолиқов ўзини "Мажбурий ижро бюроси ходими” деб таништиради. У уй эгасининг аризасига асосан 2014 йил март ойида хонадонда табиий газ тармоқдан узилганлигини билган. Хизмат вазифасига кирмаса-да хонадонни табиий газ тармоғига улаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида қайта улов тўлови учун Қ.Тожиеванинг пластик картасидан 420 минг сўм пулларни "Clik” дастури орқали ўзининг пластик картасига ўтказган. Ҳатто-ки, у хонадон соҳибасининг ишончига кириш мақсадида газ ҳисоблаш ускунасини қиёсловдан ўтказиш учун ўрнатилган жойидан ечиб берган. Шундан сўнг унинг шериклари бу хонадонда ҳақиқатда фойдаланилмаган табиий газ учун 1 дона газ плита билан 2 дона иситиш печларини йиллик кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномани тузиб берган.

 

Элбек Ҳолиқов пластик картасига тушган 420 минг сўмдан туманлараро 4-сонли газ таъминоти участкаси туман ҳудуди кассасига 102 минг сўмни тўлов қилиб, қолган 318 минг сўм пулларни эса шерикларига тақсимлаган. Текширув ҳаракатлари давомида ҳар учала шахс ўз айбига иқрорлигини билдириб, фуқаро Қ.Тожиевадан фирибгарлик йўли билан қўл киритилган 420 минг сўм пулларни ихтиёрий равишда қайтарган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими томонидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми "б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Каттақўрғон туман прокуратурасига юборилган.

 

Дилфуза Эсанова

Комментариев: 0
Добавить комментарий