» » » Фуқаро қарздорликни бартараф этди


Фуқаро қарздорликни бартараф этди

Хорижий оммавий ахборот воситаларида "Чироқ муаммосини ёритганим учун мендан айб топишга уринишмоқда” номли хабар жойлаштирилган.

 

Фуқаро  қарздорликни  бартараф  этди

 

Мазкур хабарда, Пахтачи туманидаги "Тома” маҳалласида яшовчи А.Шомуродов болалари дарс қила олмаётгани акс этган видео эълон қилинганлиги, шундан кейин электр муаммоси яхшиланганлиги, лекин МИБ ходимлари келиб, айб топишга уринишгани, айб топилмагач, қарздорлик варақаси ташлаб кетганлигини билдирган.

 

Мазкур ҳолат, Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлими ходимлари ва туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўрганилди.

Аниқланишича, қарздорликни бартараф этиш юзасидан берилган талабнома Пахтачи тумани, Тома маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро А.Шомуродов томонидан интернет тармоғига жойлаштирилган. Кўрсатилган талабнома хақиқатдан ҳам Бюронинг Пахтачи туман бўлими ходими томонидан жорий йилнинг 22 февралида берилган.

 

Ўрганиш мобайнида, давлат инспектори томонидан ўзига бириктирилган ҳудудда кунлик назорат ўтказилиб, фуқаро А.Шомуродовнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускунаси кўрсатгичлари белгиланган тартибда ҳисоб-китоб қилинганида, унинг хонадонида истеъмол қилинган электр энергияси учун 4098 кВт.га қадар тўлов амалга оширилганлиги, ўрганиш кунида ҳисоблагич кўрсатгичи 4797 кВт ишлаганлиги ва 699 кВт электр энергияси учун 206 минг 205 сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланган. (Тўлов 4098 кВт гача  -  кўрсатгич 4797 кВт = фарқ - 699 кВт * нарх 295 = қарздорлик 206.205 сўм).

 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 107 бандида белгиланганидек,  маиший истеъмолчиларда қарздорлик аниқланганида, истеъмолчи томонидан шу вақтнинг ўзида тўлов амалга оширилмаса Бюронинг вакили томонидан беш кун муддатда қарздорликни бартараф этиши ҳақида талабнома орқали огоҳлантирилади.

 

Натижада, талабнома тақдим этилганидан икки  кун ўтиб, яъни 24 февраль куни истеъмолчи А.Шомуродов тўловни амалга ошириб, қарздорлигини тўлиқ бартараф қилган.

Бюронинг давлат инспектори фуқаронинг хонадонига борганида, унинг аввал электр энергияси узилишлари масаласида мурожаат қилганлигидан хабари бўлмаган. У белгиланган тартибда ўз вазифасини бажарган.

 

Мажбурий ижро бюроси

Пахтачи туман бўлими.

 

Комментариев: 0
Добавить комментарий