» » » Онасини ҳаётга қайтарган фарзанд


Онасини ҳаётга қайтарган фарзанд

Оқдарёлик Дилором опа Бозорова ёшлигидан ерга, кенг ва бепоён далага меҳр қўйди. Фарзандида болалигидан серғайратлилик ва эркакларга хос шижоатни кўрган ота қизини аграном бўлишини истади. Дилором опа дастлаб Самарқанддаги қишлоқ хўжалик техникумини, сўнгра қишлоқ хўжалик олийгоҳининг агрономия факультетини тамомлади. Бугун у халққа дон етказиб берувчи фермерга айланди. Танлаган касбидан ўзгача завқ оладиган деҳқон фарзанди барча юмушларни ўзи бажарди. Ҳарорат 50 даражага кўтарилганда трактору, комбайн ҳайдаб пешона тери, машаққатли меҳнати билан ризқ-насибасини топди.    
 

-Ерларимиз Қорадарё бўйида жойлашган. Тонг саҳар далага келганимда ёқимли шабода ва дарёнинг салқини юзингизга уради. Ғаллалар бошоққа кирганда сизга салом бергандай бўлади. Буғдойнинг барқ ўриб ўсишидан, танлаган касбимдан ва халққа дон етиштириб берганимдан баҳри дилим яйрайди, дейди Дилором опа.

Севган касби билан шуғулланиб, оила фарзандларнинг ширин ташвишлари яшаб, катта мақсадалар сари кетаётган опа  2015 йилда кутилмаган дардга чалинади. Шифокорлар унга жигар цирози ташхисини қўяди ва  бор йўғи олти ойгина умри қолганини айтади.  

Меҳнатдан қочмайдиган тиришқоқ Дилором опа барча вазиятларни ўзи ҳал қилишга ўрганиб қолган эди. Бироқ саломатлиги хавф остида қолганида унга ҳар томонлама кўмак зарур бўлди. Ва уни бу пайтда нафақат қариндошлари, балки маҳаллий ҳокимият ҳам қўллаб-қувватлади. Шу тарзда опа Ҳиндистонга йўл олди. У ерда мутахассислар жигар трансплантацияси 36 минг АҚШ доллари туришини айтади. Бунча пулни тушида ҳам кўрмаган опа қайғуга ботади. Шу пайтда унга пойтахтда яшовчи укаси яшаб турган квартирасини сотиб, 36 минг АҚШ долларини етказиб беради. Ўзи оиласи билан ижрада яшай бошлади. Маблағ топилди. Энг асосий масала донор керак эди. Опанинг бошига оғир кунлар тушганда туғишган ака-укалари, синглиси, куёвлари бутун оиласи оёққа туради. Лекин ҳеч кимнинг жигари тўғри келмайди. Шунда Дилором опанинг яккаю ягона қизи Дилдора танти туриб, агар тўғри келса онасига жигарини беришини айтади. Тиббий текширувлар натижалари фарзанднинг жигари онанинг жигарига тўлиқ мос келишини кўрсатади.
 
Одамларнинг гап сўзлари....., турмуш ўртоғига саккиз ойлик чақалоғини ташлаб жарроҳлик амалиёти учун Ҳиндистонга учиш... Ана шундай оғир кунларда  Дилдорага турмуш ўртоғининг маслаҳатлари далда бўлди. Куёв аввал ўз жигарини қайнонасига беришни истади Аммо, тўғри келмагач хотинига жигарини онасига бериш кераклигини, онасиз яшаш жуда оғирлиги ва бу мусибатни ўз бошидан ўтказганлигини тушунтиради.  

2017 йил 22 июл куни Ҳиндистонда онага қизининг жигарининг бир қисми  жарроҳлик йўли билан кўчириб ўтказилади. Шу  тарзда мусибатли кунлар ортда қолди. Онасига донорлик қилган Дилдоранинг организми ёш бўлгани учун жигар қайта тикланмоқда. Яшаб турган бошпанасини опасининг операцияси учун сотиб, ўзи оиласи билан йиллаб ижарада юрган укасига Дилором опа Тошкентдан янги уй олиб берди. Қаҳрамонимиз 2020 йилда эккан ғалласидан мўл ҳосил олиш ниятида.

                                                                                                            Дилфуза Эсанова
Комментариев: 0
Добавить комментарий