» » » МИБ: ҚАРЗДОРЛИГИ БЎЛМАГАН ФУҚАРОЛАРНИ БЕЗОВТА ҚИЛМАЙДИ!


МИБ: ҚАРЗДОРЛИГИ БЎЛМАГАН ФУҚАРОЛАРНИ БЕЗОВТА ҚИЛМАЙДИ!

Жорий йилнинг 20 май куни ижтимоий тармоқларда «Карантинда пулсиз ўтирган аҳолига коммунал тўловларни тўламаса, судга тортиш билан таҳдид қилинмоқда» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

 

МИБ: ҚАРЗДОРЛИГИ БЎЛМАГАН ФУҚАРОЛАРНИ  БЕЗОВТА ҚИЛМАЙДИ!

 

Мақолада баён қилинган ҳолатлар ўрганилиб, ҳолатга ойдинлик киритилди.

Ҳаммамизга маълумки, 2017 йил 29 май куни Республикамиз Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5059-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш” чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-4679-сонли қарорида давлат бюджети барқарорлигини таъминлашнинг устувор йўналишларидан бири сифатида фуқаролик-шартномавий келишувлар асосида кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш белгиланган.

 

Ўрганиш давомида, Тайлоқ тумани, Туёқли қишлоғи, 71-уйда яшовчи С.Қаршиев хонадонида завод рақами 34288720 бўлган "МЕРКУРИЙ 201” русумли электр ҳисоблагич ўрнатилганлиги, хисоблагич "Электр ҳисоб” дастурида С.Қаршиевнинг отаси Ҳ.Қаршиев  номига расмийлаштирилганлиги, кўрик давомида ҳисоблагич 5471 кВт ишлаганлиги аниқланди. Ҳисоблагич кўрсаткичи "Электрҳисоб” дастурига юборилгандан сўнг истеъмолчига вужудга келган 324 минг сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Бу фуқаро тўлов имкониятига эга бўла туриб, қарздорликка йўл қўйиб келган.

 

Шундан сўнг, давлат инспектори Ф.Самадов томонидан мазкур қарздорликни бартараф этиш тўғрисида 2020 йил 19 май куни №0013081-сонли талабнома берилган. Шунингдек, давлат инспектори Ф.Самадов томонидан фуқаро С.Қаршиевга санитария ва гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда талабнома бериш давомида қарздорликни ўз шароитидан келиб чиқиб, имконияти даражасида бартараф қилиши мумкинлигини тушунтирган. Бироқ, фуқаро буни тўғри тушунмаган ҳолда ижтимоий тармоқларга мурожаат қилган.

 

Ҳақиқатдан ҳам, давлат инспектори ўз вазифасини бажариш чоғида бошқа қарздор истеъмолчилар қаторида С.Қаршиевнинг уйига борган. Қарздорликни тушунтириб берган ва талабнома берган. Талабномада қарздорликни вақтида бартараф этмаса қонунчиликдаги мавжуд чоралар кўрилиши акс этган. Мажбурий ижро бюроси ходимлари тўлов маданияти ва ижро интизомига риоя этувчи ва асосийси қарздор бўлмаган фуқароларни безовта қилмайди.

 

Бу жараёнда фуқароларимиз фойдаланилган электр ва табиий газ учун тўловларни амалга оширмаса ҳам бўлар экан деган нотўғри фикрни уйғотмаслиги лозим!

Шу ўринда унутмаслигимиз керакки, ҳозирги мураккаб ва аҳолимизнинг аксарият қисми уйда бўлиб турган вазиятда электр ва табиий газ ресурслари хонадонларимиз фаровонлиги учун муҳим манбадир!

 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, аҳолимизнинг асосий қисми бу даврда ўз уйларида бўлишлари сабабли энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж янада сезиларли даражада ортиб, тўловларнинг ўз вақтида, амалга оширилмаслиги қарздорликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Қолаверса, хонадонларимизга ушбу неъматлар карантинли вазиятга қарамасдан, соҳа ходимларининг машаққатли меҳнати ва маълум харажатлар эвазига кириб келмоқда. Энергия ресурслари ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларимиз аввало, энергия ресурсларидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли саломатлиги учун улкан ҳисса қўшади.

Коронавирус пандемияси даврида истеъмолчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида ўз хонадонларидан чиқмаган ҳолда, коммунал хизматлар учун тўловларни электрон тарзда "PayMe”, "Paynet”, "Click”, "UPay” ва бошқа мобиль тўлов тизимлари орқали тўлаб боришлари мумкин.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Мажбурий ижро бюроси ваколатлари доирасида қарздорлардан ундирилаётган пул маблағлари бюджетимизнинг салмоқли ҳиссасини ташкил этиб, нафақахўрларимизнинг пенсияларига, ўқитувчи ва шифокорларнинг ойликларига, бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириладиган маблағлардир.

 

Мажбурий ижро бюроси

Самарқанд вилоят бошқармаси.

Комментариев: 0
Добавить комментарий