» » » Самарқандликлар учун ҳам қадрли инсон Муса Ерниязов вафот этди


Самарқандликлар учун ҳам қадрли инсон Муса Ерниязов вафот этди

Самарқандликлар учун ҳам қадрли инсон Муса Ерниязов вафот этди


Албатта, бу шум хабар қорақалпоғистонлик ҳар бир ёш-у қари каби самарқандликларни ҳам қалбини хуфтон қилди. Чунки раҳбарлик ва бошқарув, шунингдек қурилиш ва коммуникация масалалари соҳасида Муса Тажетдинович катта тажрибага эга инсон эди. Бу борада Самарқандга қачон келса, ўз маслаҳатлари, кўп йиллик фаолиятида орттирган тажрибаларидан келиб чиқиб, дадил таклифлар берар эди. Ютуқларимизни баҳам кўрарди.

Муса Тажетдинович Қорақалпоғистоннинг чин фарзанди, ҳақиқий қаҳрамони эди. Бу юртнинг ҳар қаричини беш қўлдай билар, қаерда қандай муаммо бор, одамлар қандай шароитда яшаяпти, нима қилинса муаммолар барҳам топади, бунинг учун қандай ечим керак, барчасини биларди. Шу боис ҳукумат олдига масалаларни дадил қўя оларди.

Айниқса, Орол фожиаси, у қолдирган асоратларнинг олдини олиш, бу ерда бугунги кун, оролбўйида яшовчи аҳоли талабларидан келиб чиқиб қандай лойиҳалар амалга ошириш зарурлиги ҳақида аниқ, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиққанди.


Шундай эзгу ишлари туфайли Муса Ерниязов қорақалпоқ халқининг меҳри, ҳурматини қозонганди. Албатта, Муса Тажетдиновичда бу ҳурмат, салоҳиятга эришиш учун пойдевор бор эди. Яъни, М. Ерниязов 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларида таҳсил олган. 

1983–1989 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 1989–1990 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган.


2000–2001 йилларда Чимбой тумани ҳокими, 2001–2002 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари эди.

2019 йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Қорақалпоқ элининг отаси, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязовнинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу қолажак.


Самарқанд вилоят ҳокимлиги 


Комментариев: 0
Добавить комментарий