» » » Афғонистонлик ўзбек йигити: она тилимиз бизга ғурур бағишлайди


Афғонистонлик ўзбек йигити: она тилимиз бизга ғурур бағишлайди

 

 

Маълумотларга қараганда, ўзбек тилида ер юзида 50 миллионга яқин аҳоли гаплашади. Бу дунёда ҳар 150 кишидан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир.

Ферузуллоҳ Сирдош Афғонистон Ислом Республикасининг Фориёб вилоятда яшайди.Ўзбек миллатига мансуб бу йигит Сурхондарё вилоятидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида таҳсил олган. Биз унинг она тили ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

– Дунёда ҳар бир миллат ўзининг она тили билан тирик, – дейди Ферузуллоҳ. – Тилини билмаган элини билмас, деганлари бежиз айтилмаган. Ўзбек тили беқиёс сўзга бой, узоқ тарихга эга бўлиб, бутун дунё ўзбекларининг миллий тили ҳисобланади. Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгани, бизнинг Афғонистон Ислом Республикасида ҳам расмий давлат тили сифатида тан олингани барчамизга фахр бағишлайди.
Шеъриятга қизиққаним учун она тилида ижод қиламан. Ўзбекистонда ҳам шу йўналишда ўқидим. У ерда ўзимизни уйдагидек ҳис қилиб, яшадик. Қисқа фурсат бўлса-да, аммо ўқитувчиларимиздан ўзбек тили ва адабиётини чуқур ўргандик. Ўзбек тили катта бир хазина аслида. Бу тилда битилган асарларни ўқиб, унинг мағзини чақиб, тугатолмайсиз.

Она тилимиз – бизнинг ўзлигимиз, ғуруримиз. Бу буюк аждодларнинг тили. Афғонистон Ислом Республикасида 10 миллиондан ортиқ ўзбеклар яшаётган шимолий вилоятлардаги университетларда ўзбек тили ва адабиёти бўйича бўлимлар ташкил қилинган.

Бугунги кунда ўзбек тили мавқеини халқаро миқёсда кўтариш учун кўплаб саъй-ҳаракатлар қилинаётганига гувоҳмиз. Ўзбекистон Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош ассамблеяси 75- сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани катта тарихий воқеа бўлди. Биз хорижда яшаётган ўзбеклар ҳам рости бундан жуда тўлқинландик.

Биз дунёнинг қайси юртидан бўлишимиздан қатъий назар, шундай она тилимиз бор эканлигидан фахрланамиз. Тилимизни севиб, унинг ривожланиши ва гуллаб-яшнаши учун сидқидилдан тинимсиз ҳаракат қилишимиз керак. Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг авлодлари сифатида уларнинг бой меросларини асраб-авайлаб, кейинги наслларга етказиш муҳим вазифа ҳамда масъулиятдир.

М.Сулаймонов суҳбатлашди, ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий