» » » Таълим масалалари муҳокама қилинди


Таълим масалалари муҳокама қилинди

 

Таълим масалалари муҳокама қилинди

 

Давра суҳбати Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги "Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, "Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди.

Мазкур ҳужжатларда назарда тутилган янги меъёрларни амалиётга самарали жорий этиш механизмлари Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси масъуллари, Халқ таълими вазирлиги мутахассислари, Тошкент шаҳри, Наманган, Қашқадарё вилоятлари халқ таълими бошқармаси бошлиқлари ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, туман халқ таълими бўлими бошлиқлари ҳамда илғор, тажрибали мактаб директорлари иштирокида онлайн тарзда атрофлича таҳлилдан ўтказилди.

Қайд этилганидек, бутун дунёда, барча соҳада рақобат кучайиб бораётган вазиятда мамлакатда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тўғри белгилаш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Президент фармонида белгиланган вазифалар ҳаётга тўғри ва тизимли жорий этилса, улар таълим-тарбия бутунлай янги даражага кўтарилишига хизмат қилади.

Сўзга чиққанлар қарийб бир ойдан ортиқ вақт давомида фармон лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилгани, таклифлар берилганини қайд этишди. Ҳужжатда олимлар, ёш изланувчилар, халқ вакиллари, тажрибали педагогларнинг фикр ва таклифлари ўз аксини топгани эътиборга молик.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ишчи гуруҳи ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларнинг илғор мутахассислари фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича таҳлилий мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Аввало, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, халқ таълими тизимида янги механизмларни жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Фармонга мувофиқ, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг шаҳодатномасига мажбурий 11 йиллик таълимнинг сўнгги 6 йиллик баҳолари ўртача кўрсаткичи киритилади ва ушбу кўрсаткич олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олинади. Бунинг учун "Электрон кундалик” дастурини жорий қилиш белгиланган.

Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу вазифани амалга ошириш учун барча мактабларда интернет билан таъминланиш даражаси юқори бўлиши керак. Акс ҳолда олис қишлоқдаги мактаб ўқитувчилари туман марказларига келиб кундаликка баҳони киритиш учун сарсон бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Бу билан мактабнинг информатика ўқитувчиси учун қўшимча иш юкламаси ҳам пайдо бўлади. Шу каби омиллар, албатта, инобатга олиниши керак.

Фармонда педагогларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни ташкил этиш, мактаб директорларини тайинлаш, уларнинг фаолиятига баҳо бериш бўйича маҳаллий Кенгашларга дастур ва ҳисоботларни тақдим этиш мезонлари ва механизмлари ҳақида ҳам фикр алмашилди.

2021 йил 1 январдан бошлаб мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий Кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили Кенгашлар олдида ҳисобот беради. Бу билан таълим-тарбия олиш, илм-фанга интилиш бўйича жамиятда янги муҳит юзага келиши кўзда тутиляпти. Мактабларнинг фаолиятини жамоатчиликнинг доимий эътибори асосида ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш мақсад қилинмоқда.

Лекин директор 3 йилда мактабни юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастурини тақдим этаётганида унинг дастури айнан қайси мезонлар асосида баҳоланиши, туман Кенгаши депутатлари таълимни бошқариш ва директорнинг ҳисоботини баҳолаш мезонларини қай даражада билишига аниқлик киритиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Депутатлар ва Халқ таълим вазирлиги мутахассислари фармонда белгиланган вазифалар ижросини ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш, қулай ва тушунарли тизим яратиш имкониятларини таҳлил қилишди. Миллий Рейтинг Индексини қайта кўриб чиқишда инобатга олиниши зарур бўлган масала ва мезонлар бўйича таклифлар берилди.

 ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий