» » » Тошкентда кино ҳафталиги ўтади


Тошкентда кино ҳафталиги ўтади

Тошкентда кино ҳафталиги ўтади

 

 

Ҳафталик давомида янги кинолойиҳалар тақдимоти, ёшлар учун маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, кастинг ва конференциялар ҳамда янги фильмлар премьералари бўлиб ўтиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ахборот хизмати.


Бундан ташқари, республика бўйлаб таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар ташкил этилиб, аҳоли билан ўзбек кино санъати тарихи ва бугунги куни ҳақида мулоқот уюштирилади. Учрашувлар сўнггида бир қатор тарихий-бадиий фильмларнинг бепул намойиши ўтказилади.


Ушбу ҳафталик давлатимиз раҳбарининг ўтган йили ноябрь ойида янгиланган "Ўзбекфильм" студиясига ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилмоқда. Ташриф давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соҳанинг ривожланиш йўли белгилаб берилиб, киноижодкорлар олдига қатор топшириқ ва вазифалар қўйилганди.


Кино ҳафталик доирасида ёш киноижодкорлар учун Бутунроссия давлат кинематография институтининг Тошкентда филиалини очиш, Тошкент халқаро кинофестивалини ташкил қилиш, чет элда сақланаётган ўзбек фильмларини қайтариш, ёш киноижодкорларга шароит ва имконият яратиш каби муҳим топшириқлар бўйича экспертлар ҳамда мутахассислар билан "Ўзбеккино"нинг 2021 йилги "йўл харитаси" қабул қилинади.


–Олдимизга қўйилган вазифаларни амалга оширишда соҳа вакиллари, экспертлар ва янги лойиҳалар иштирокчиларининг таклиф ва тавсияларига эҳтиёж пайдо бўлди. Ушбу йўл харитасини "кабинет"ларда эмас, балки киножамоатчилиги билан муҳокама қилиб, ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга,– дея фикр билдирди "Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.


Шунингдек, ҳафталик давомида миллий мультипликация, ҳужжатли ва бадиий фильмлар ҳамда ёш киноижодкорлар кунлари ўтказилади. Ҳафталикнинг ҳар бир кунида бир-биридан қизиқ ўндан ортиқ тадбир ва учрашувлар, бир нечта кастинг ва питчинглар, кино соҳасига оид долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ҳамда ижодий учрашувлар уюштирилиб, кун сўнггида янги премьералар намойиш этилади.

 

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий