» » » Ҳар қандай муаммога юзма-юз мулоқотларда ечим топилади


Ҳар қандай муаммога юзма-юз мулоқотларда ечим топилади

Ҳар қандай муаммога юзма-юз мулоқотларда ечим топилади

Чунки икки минтақа давлатлари ўртасидаги тарихий яқинликнинг қайта тикланиши дунё иқтисодиёти ривожига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

 

Энг асосийси, ўзаро ҳамкорлик ер юзи аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган Марказий ва Жанубий Осиёда тинчлик ва барқарорликнинг таъминланишига ҳам хизмат қилади.


Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан ташкил этилган анжуманда Покистон ва Афғонистоннинг энг юқори мартабали мулозимлари, минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари, 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари иштирок этиб, бир стол атрофида барча масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

 

Қайд этиш лозим, кўплаб масалалар ечимида бир тўхтамга келдилар ҳам.


Муҳокамалар марказида шубҳасиз, хавфсизлик масаласи устувор бўлди.

 

Чунки тинчлик ва барқарорлик таъминланмас экан, ўзаро ҳамкорлик ривожи ҳақида гапириш бефойда. Хусусан, икки минтақа ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи Афғонистонда ҳамон нотинчлик.

 

Дунё давлатлари билан тенг ва ишончли шериклик асосида ташқи сиёсатда туб бурилиш ясаган Ўзбекистон учун қўшни афғон тупроғида тинчликнинг қарор топиши ҳар қачонгидан муҳимдир.


Маълумки, Ўзбекистоннинг дунё давлатлари, айниқса, минтақа мамлакатлари билан ўзаро яқинлиги кун сайин ривожланмоқда.


Мисол учун, юртимизнинг савдо айланмаси ўсиш кўрсаткичи 2020 йил июнь ойига кўра Қозоғистон билан 78,8 фоиз, Қирғизистон билан 88,6 фоиз, Тожикистон билан 107,6 фоиз, Туркманистон билан эса 93,3 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йил июнига келиб, бу кўрсаткичлар мос равишда 141,3 фоиз, 107,6 фоиз, 103,5 фоиз ва 109,1 фоизга ошган.


Ўзбекистон энди бундай ҳамкорликни Жанубий Осиё орқали янада кенгайтириш тарафдори ва бу борада дастлабки ҳаракатлар бошлаган.

 

Хусусан, Марказий ва Жанубий Осиёда замонавий, самарадор ва хавфсиз транспорт-логистика инфратузилмасини яратиш йўлидан бормоқда.


Бунда Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл тармоғи икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий бўғинига айланади.


Ушбу лойиҳа етакчи халқаро молия институтлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.


Тошкент анжуманда таъкидланганидек, ушбу темир йўл тармоғининг қурилиши ҳар икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла рўёбга чиқаради.


Бу билан Жанубий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида Марказий Осиё ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудуди орқали ўтадиган энг қисқа йўл очилади.


Шу билан бирга, юкларнинг туриб қолиши ва ташиш муддатлари сезиларли даражада қисқаради.


Ушбу лойиҳанинг амалий ечими икки минтақанинг инклюзив иқтисодий ривожи учун мустаҳкам замин яратади.


Мамлакатимиз Президенти ушбу лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапириб, Трансафғон темир йўл қурилиши лойиҳаси келгусида мамлакатларимизни Хитой ва Осиё-Тинч океани минтақасининг бошқа етакчи давлатлари билан боғлаши мумкинлигини ва бу «Бир макон, бир йўл» ташаббуси мақсадлари билан ҳам уйғун эканлигини эътироф этди.


Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда ташкиллаштирилаётган халқаро анжуманлар Ўзбекистон раҳбари иштирокисиз ўтмаяпти.


Янада эътиборлиси, Президентимизнинг ҳар бир халқаро тадбирларда глобал муаммолар ечимига қаратилган муҳим таклифларни илгари суриш анъанаси пайдо бўлди ва бу етакчи давлат раҳбари, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан алоҳида мамнуният билан қарши олинмоқда. Тошкент халқаро анжуманида ҳам бу анъана давом эттирилди.


Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти хавфсизлик ва тараққиётга хизмат қилувчи ўнта асосий ташаббусни илгари сурдилар.


Албатта, «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик.


Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция аҳамияти ҳақида ҳали узоқ гапирилади, халқаро экспертлар томонидан муносабат билдирилиши давом этади.

 

Сабаби, бундай халқаро тадбирнинг коронавирус деган бир офат яна бўй кўрсатаётган бир пайтда ўтказилишининг ўзи катта аҳамиятга эга. Зеро, ҳар қандай муаммога эзгу мақсадлар йўлида ташкил қилинган юзма-юз мулоқотларда ечим топилади.

Ғайрат САФАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси


 


Комментариев: 0
Добавить комментарий