» » » Маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди


Маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди

Маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилдиЖазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқларига риоя этиш, ушбу соҳада коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам беришга қаратилган чоралар амалга оширилди.

 

Бу йўналишда давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиндики, улар тизимдаги ўзгаришларга кенг йўл очди.

 

2019 йил 5 сентябрда кучга кирган "Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янгиликлар жорий этилди.

 

Эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларида ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

 

Қонун билан озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Янгиликлардан бири – "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига киритилган бўлиб, у озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби билан боғлиқдир.

 

Эндиликда манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига берилади. Ўз навбатида, ушбу бўлимлар томонидан тегишли пенсиялар суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали амалга оширилади.

 

Қонун билан замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда жиноят-ижроия қонунчилигига маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги бир қатор ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

 

Жумладан, ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга, деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада жазони ижро этиш муассасаларининг турларидан бири сифатида айнан маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар белгиланди.

 

Маҳкумларни жазони ўташ учун жўнатиш масалаларига янада ойдинлик киритилди. Жиноят-ижроия кодексининг 54-моддасига биноан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар тергов ҳибсхонасининг маъмурияти ҳукм қонуний кучга кирганлиги тўғрисида суд хабарномасини олган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида жазони ўташ учун жўнатилади.

 

Ушбу моддага киритилган янгиликка кўра, юқорида кўрсатилган муддат давомида маҳкум қариндошлари ёки бошқа шахслар билан бир марта қисқа муддатли учрашиш ҳамда ўз шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган, ўн беш дақиқа давом этадиган бир марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга бўлди.

 

Қонунчиликка киритилган қўшимчалардан яна бири маҳкумларни кўчириш билан боғлиқ бўлиб, эндиликда жазони ўташ жойига бораётган ёки бир жазони ижро этиш муассасасидан бошқа жазони ижро этиш муассасасига кўчирилаётган маҳкумларни вақтинча сақлаш учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳузурида транзит-жўнатиш участкалари ташкил этилади. Бундай участкаларда маҳкумларни сақлашнинг муддати кўпи билан 20 суткани ташкил этади.

 

Юқумли касалликларга чалинган ва стационар даволанишда бўлган маҳкумларга учрашувлар шифокор рухсати билан берилади. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар амалга оширилмаслиги, манзил-колонияларда маҳкумлар ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга ошириши каби нормалар ҳам белгиланди.

 

Умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларда, тарбия колонияларида ва турмаларда жазо ўтаётган маҳкумлар йил мобайнидаги ҳуқуқлари кескин равишда кенгайтирилди.

 

Натижада, йил давомида: умумий тартибли колониялардаги маҳкумлар – олти марта қисқа муддатли ва олти марта узоқ муддатли учрашув, ўн икки марта телефон орқали сўзлашув, ўн иккита посилка ёки йўқлов, ўн иккита бандероль олиши мумкин.

 

Қаттиқ тартибли колониялардаги маҳкумлар – беш марта қисқа муддатли ва беш марта узоқ муддатли учрашув, саккиз марта телефон орқали сўзлашув, саккизта посилка ёки йўқлов, саккизта бандероль олиши мукин.

 

Махсус тартибли колониялардаги маҳкумлар – тўрт марта қисқа муддатли ва тўрт марта узоқ муддатли учрашув, олти марта телефон орқали сўзлашув, олтита посилка ёки йўқлов, олтита бандероль олиши мумкин.

 

Турмалардаги маҳкумлар – ҳар куни муддати бир соатлик сайр қилиш ҳамда йил мобайнида тўрт марта қисқа муддатли ва бир марта узоқ муддатли учрашув, тўрт марта телефон орқали сўзлашув, тўртта посилка ёки йўқлов, тўртта бандерол. олиши мумкин.

 

Тарбия колонияларидаги маҳкумлар – йигирма тўрт марта қисқа муддатли ва саккиз марта узоқ муддатли учрашув, йигирма тўрт марта телефон орқали сўзлашув, ўн иккита посилка ёки йўқлов, ўн иккита бандероль олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

 

Хулоса ўрнида таъкидлашимиз лозимки, қонунчиликка киритилган янги нормалар маҳкумлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлайди. Муҳими, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, уларда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсон, меҳнат ва ижтимоий турмуш қоидалари ҳамда анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантиради.

 

Зафар РЎЗИЕВ,

ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси

ҳузуридаги Пробация хизмати бўлими бошлиғи,

юридик фанлари доктори

 

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий