» » » Президент Фармонига кўра солиқ ставкасига ўзгартиришлар киритилади


Президент Фармонига кўра солиқ ставкасига ўзгартиришлар киритилади

Президент Фармонига кўра солиқ ставкасига ўзгартиришлар киритилади"Тараққиёт стратегияси” марказида Адлия вазирлиги томонидан "Қонунчиликда янгиликлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига оид ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берилди.

 

Таъкидланганидек, фармонга кўра жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади. Солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини тўхтатиб туриш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди.

 

Шунингдек, фармонга мувофиқ 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳаси тайёрланишида ҳам ўзгаришлар қайд этилди. Жумладан, давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш, дивидент шаклида тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилаш ҳамда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш каби ҳолатлар назарда тутилган.

 

2019 йил 1 октябрдан бошлаб илгари Молия вазирлигининг бюджетидан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови суммаси Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади.

 

Шунингдек, тадбирда ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжатлари ҳақида маълумотлар берилди.

 

Хусусан, мамлакатимизга ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхатига киритилган қўшимчалар, Архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш бўйича Президент фармонлари, Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича Президент қарори ҳамда Адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби келтириб ўтилган ҳукумат қарорлари юзасидан тушунчалар берилди.

 

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

 

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий