» » » “Хагибис“ тўфони: қурбонлар сони 74 тага етди


“Хагибис“ тўфони: қурбонлар сони 74 тага етди

“Хагибис“ тўфони: қурбонлар сони 74 тага етдиЯпонияда кучли "Хагибис" тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 74 кишига етди. Бу ҳақда чоршанба куни NHK телеканали хабар қилди.

 

Телеканал маълумотларига кўра, тўфонда 11 киши бедарак йўқолган, 220 дан ортиқ инсон турли даражада тан жароҳатлари олган. Энг кўп ўлим ҳолати Хонсю оролининг шимоли-шарқидаги Фукусима ва Мияги префектураларида, шунингдек, жануби-ғарбдан Токио билан чегарадош Канагава префектурасида қайд этилган.

 

Япония ҳукумати расмий вакили Ёсихидэ Суганинг маълум қилишича, зарар кўрган ҳудудларда инфратузилмани тиклаш жараёни давом этмоқда, қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ишларга жами 110 минг киши жалб қилинган, улар орасида ҳарбийлар, ўт ўчирувчилар ва полиция ходимлари ҳам бор.

 

Сув тошқини туфайли қатор темир йўл линиялари, тезюрар транспорт қатнови тўхтатиб қўйилган. Зарар кўрган ҳудудларда 230 дан ортиқ мактаб, ўнлаб супермаркетлар вақтинчалик ёпилган, 120 дан ортиқ банкоматлар ишламаяпти.

 

Эслатиб ўтамиз, шанба куни Япониянинг асосий ҳудудлари "Хагибис" тўфони остида қолди. Мамлакат марказий қисмидаги 12 префектурада, жумладан Токиода ҳам энг юқори хавф даражаси эълон қилинди.

Комментариев: 0
Добавить комментарий