» » » Самарқанд шаҳрида бандликни таъминлаш даражаси қандай?


Самарқанд шаҳрида бандликни таъминлаш даражаси қандай?

 

Самарқанд шаҳрида бандликни таъминлаш даражаси қандай?

 

Қайд этилганидек, 2020 йилнинг 11 ойи мобайнида шаҳарда аҳоли бандлигига кўмаклашиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.


Бугунги кунда шаҳарда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 318,1 минг кишини ташкил этиб, шундан 81,4 фоизи иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Иқтисодий фаол аҳолининг 9,1 фоизи ёки 23,3 мингга яқини иш ўринларига муҳтож, ишсизлик даражаси аёллар ўртасида 12 фоизни ва ёшлар ўртасида 14,4 фоизни ташкил қилмоқда.


Бу йилдан шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга "Ягона ойна” тамойили асосида хизматлар кўрсатиш тизими жорий қилиниб, 11 ойда 6 минг 942 нафар фуқарога бандлик соҳасидаги хизматлар кўрсатилди. Хусусан, 3 минг 830 нафар ишсиз фуқаро доимий иш жойларига ишга жойлаштирилди, 483 нафар фуқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди. 34 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди, 616 нафар фуқарога меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.


2020 йилда банд қилинган 4 минг 401 та иш ўрнига 3 минг 610 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаро ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, 2 минг 736 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ҳамда уларнинг иш ҳақи тўлови учун Жамоат ишлари жамғармасидан 3 миллиард 351 миллион 116 минг сўмдан ортиқ маблағ молиялаштириб берилди.


64 нафар оғир турмуш шароитида яшовчи аёлларнинг бандлиги таъминлаш бўйича манзилли ишлар ташкил қилиниб, ўтган давр мобайнида барчасининг бандлиги таъминланди.


Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ишсиз, банд бўлмаган фуқаролар, айниқса мигрантларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида Юксалиш маҳалласидаги ҳунарга ўргатиш марказида 35 нафар фуқаро тикувчилик йўналишида касбга ўқитилмоқда. "Сиёб қурилиш коллежи” биносида мигрантларни касб-ҳунарга ўқитиш марказида бугунги кунда 62 нафар фуқаро қурувчилик, сувоқчилик, пайвандчилик, сантехниклик, ғишт терувчи ва бошқа йўналишларда касбга ўқитилмоқда.


1 минг 671 нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди, 296 нафари касбга ўқитилди, 25 нафари ишсизлик нафақаси билан таъминланиб, ижтимоий муҳофазага олинди, 184 нафар хотин-қизга меҳнат бандлик масалалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат хизматлари кўрсатилди.


Бундан ташқари, 1 минг 262 нафар хотин-қиз ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ҳамда уларнинг иш ҳақи тўлови учун Жамоат ишлари жамғармасидан 786 миллион 895 минг сўм маблағ молиялаштирилди.

Н.Насриев, ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий