Муносабат

Муносабат

Ижтимоий тармоқ саҳифаларида "Самарқандда махсус   музлатгичлар йўқлиги сабабли вилоятимиз аҳолиси ҳозирча «Спутник V” вакцинасиз қолади” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси мутахассиси Шоира Халилованинг "Самаркандский вестник” газетаси мухбирига берган маълумоти нотўғри талқин қилиниб, ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилинганлиги сабабли кўплаб кузатувчилар томонидан музокараларга сабаб бўлди.

Бугунги кунда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимларидаги вакцина сақлаш омборхоналари «Совуқлик ускуналарини оптималлаштириш» дастури асосида янги, замонавий ва жаҳон андозалари талабларига жавоб бероладиган даражада совутгич ва музлатгичлар билан таъминланган.

Жумладан, Ўрта Осиёдаги энг замонавий омборхоналардан бири бўлган Самарқанд вилоят вакцина сақлаш омборхонасида 3 та 30 куб сиғимга эга совутгич камераси, 14 та совутгич, 4 та музлатгич, вакциналарни ташиш учун махсус термосумкалар ва термоконтейнерлар заҳираси мавжуд. Шунингдек, 2019 йилда Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг ҳудудий бўлимларига ҳам қўшимча 57 та махсус совутгич ва 16 та музлатгичлар олиб келинган. Вилоят даволаш профилактика муассасалари эмлаш хоналари ҳам 200 дона қўшимча махсус совутгичлар ҳамда вилоят аҳолига сифатли вакцина етказиб бериш учун 18 та махсус автотранспорт воситалари билан таъминланган.

Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳозиргача Республикамизда, жумладан Самарқанд вилоятида ҳам коронавирус инфекциясига қарши «Astra Zeneca» ва « ZF-UZ-VAC2001» вакциналари даволаш профилактика муассасаларидаги совутгичларда +2 дан +8 даражагача ҳароратда сақланмоқда ва ишлатилмокда.

«Спутник-V” вакцинаси янги вакцина бўлиб, сақлаш, ташиш ва ишлатиш жиҳатидан бошқа вакциналардан деярли фарқ қилади. Музлатгич ва совутгич иккаласи икки хил жиҳоз. Бу вакцина музлатгичда (совутгичда эмас) музлатилган ҳолда -18 даражадан юқори бўлмаган ҳолатда сақланади ва -18 даражадан юқори бўлмаган ҳолатда ташилади.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида «Спутник-V” вакцинасини сақлаш учун барча шароитлар мавжуд. «Спутник-V” вакцинаси Республикамизга келтирилган бўлиб, ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида ишлатилаяпти. Ушбу вакцинадан яна 1 миллион доза олиб келиниши кузда тутилган. Айни пайтда «Спутник-V” вакцинаси ишлаб чиқарувчилар томонидан етарли микдорда етказиб берилмаяпти. Сабаби бу вакцинага буюртма берган давлатлар сони кўплигидадир.

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вилоятимиз аҳолисига шуни алоҳида маълум қиладики, вакцина борасида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Республикамизга кутилаётган вакцина келиши биланоқ тақдимот асосида вилоятимизга тегишли қисми олиб келинади ва аҳоли эмланади.

Азиз юртдошлар!

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси фуқароларимиздан кўча-куйда тиббий ниқобсиз юрмаслигингизни, ишхона ёки жамоат жойларида санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этишингизни, ижтимоий масофани сақлашингизни, антисептик воситаларидан тез-тез фойдаланишингизни тавсия этади.

 

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ахборот хизмати.



Комментариев: 0
Добавить комментарий