» » » Ўктам Латипов: "Асосий вазифамиз – сифат ва ишонч"


Ўктам Латипов: "Асосий вазифамиз – сифат ва ишонч"

Ўктам Латипов: "Асосий вазифамиз – сифат ва ишонч"

 

 

Айни кунларда Самарқанд вилоятида ҳам йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу ерда тез орада Самарқанд сайёҳлик маркази ва Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали қад ростлайди.  


Қурилиш юртимиздаги таълим муассасалари, маданий ва маънавий иншоотлар қурилишида етакчи мақомига эга бўлган "Enter Engineering” компанияси томонидан амалга оширмоқда.

 

ЎзА мухбирининг Самарқанд туристик маркази қурилиши бош директори Ўктам ЛАТИПОВ билан суҳбати объектларда амалга оширилаётган қурилиш жараёни, уларнинг вилоят иқтисодий салоҳиятини оширишдаги ўрни ва шу ҳудудда яшовчи аҳоли учун қандай қулайликлар яратилиши хусусида бўлди.


–Аввало, бунёдкорлик соҳасида бу каби ислоҳотларнинг амалга оширилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва қўллаб-қувватлашлари туфайлидир, – деди Ў.Латипов. – Давлатимиз раҳбарининг бу ерга ташрифи чоғида Самарқанд шаҳрини "туристик ҳаб”га айлантириш зарур, деган талаб ва таклифлари ижросида шу улкан ишларга қўл урилганини алоҳида таъкидлаш лозим.  

Қурилаётган марказ ҳақида тўхталадиган бўлсак, у 212 гектар майдонни ўз ичига олади. Марказ ҳудудига расмий ва тантанали тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган конгресс ҳол, иккита 5 юлдузли меҳмонхона, иккита 4 юлдузли меҳмонхона, тўртта бутик меҳмонхона, ресторан ва дўконлар қурилади. Мажмуа ҳудудидаги меҳмонхона номерларининг умумий сони эса 1190 тани ташкил этиши кутилмоқда.  


– Ҳозир Самарқанд туристик марказида олиб борилаётган ишлар қайси босқичда ва унинг бунёд этилиши вилоят учун қандай имкониятлар яратади?  


 – Ҳозир мажмуанинг барча объектларида ишлар жадал давом эттирилмоқда. Бу ерда асосий қурилиш ишлари ниҳоясига етган. Қурилишнинг тўлиқ якуни жорий йилнинг тўртинчи ва 2022 йилнинг биринчи чоракларига мўлжалланган.

 

Очиғини айтганда, ушбу иншоотлар фаолияти Самарқад вилояти учун катта иқтисодий имкониятларни очади. Хусусан, бу ерда барча  ишлар якунлангач, мазкур замонавий гўша маҳаллий ва сайёҳларнинг энг севимли манзилига айланади. Каналнинг икки томонида бунёд этиладиган объектлар қаторида сув бўйи ҳам ўзига хос гўзаллик касб этади. Сузиш жойлари ва хордиқ чиқарадиган масканлар барпо этилади. Маълумки, сув яқинидаги масканлар, айниқса, бизнинг иқлим шароитида дам олиш учун энг яхши жой, деб ҳисобланади.  


Яна бир муҳим қулайлик шуки, Самарқанд шаҳрини кичик ҳаж амалларини бажарадиган табаррук манзилга айлантириш ниятидамиз. Бугунги кунда Имом Бухорий мажмуида олиб борилаётган ишлар, Самарқанд халқаро аэропортининг қурилиши, Самарқанд туристик маркази каби йирик лойиҳалар ҳам шундай мақсадларга қаратилган. Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидан келган зиёратчилар аввал Самарқандда бўлиб, кейин Маккаи Мадинада ўз амалларини бажаради.  

Шунингдек, бу ерда қурилаётган икки минг ўринга мўлжалланган конгресс ҳол майдони 19 минг 500 квадрат метрни ташкил этади. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити айнан шу конгресс ҳолда ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳам Самарқанд вилоятининг иқтисодий равнақига муҳим ҳисса қўшади, деб ҳисоблайман.

 

–Ушбу йирик объектлар қурилишида қайси ташкилотлар қатнашмоқда?Кейинги пайтда қурилиш соҳасида турли муаммолар мавжудлиги ва сифатсиз бинолар қурилаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мазкур иншоотлар сифати назорати ким томонидан ва қай тарзда текширилиб борилмоқда?

 

–Аввал таъкидлаб ўтилганидек, "Enter Engineering” компанияси ушбу лойиҳага масъул ташкилот ҳисобланади. "Enter Engineering” Ўзбекистондаги энг йирик EPC пудратчиларидан бири сифатида танилган. EPC шартларига асосан компания лойиҳани тўлиқ топширишга масъул. Компания ҳозирги кунда нефть-газ, кимё, энергетика ва фуқаролик муҳандислиги соҳаларида объектларни қуриш ва модернизация қилиш бўйича бир қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Туркиянинг "ARUP” компанияси мазкур қурилишнинг бош лойиҳачиси саналади.


Компаниямиз учун сифат масаласи биринчи ўринда туради. Жаҳон стандарти, деган терминнинг ўзи ҳам аслида сифатдир. Бусиз дунё бозорига асло чиқиб бўлмайди. Шундай экан, бизнинг ҳар бир лойиҳамиз сифат ва ишонч билан боғлиқ. Шу сабабли, Самарқанд туристик марказидаги ишларнинг ҳар бир босқичини қабул қилиб олиш ва бажарилаётган ишларга кафолат бериш мақсадида Туркиянинг "Интегра"- РМ компанияси билан яқиндан ишлаяпмиз. Айнан шу компания бажарилган ишларни кузатади, сифатини назорат қилади ва қабул қилиб олади.  


 Шунингдек, биз «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга мўлжалланган 2 минг ўринли амфитеатр қуришни ҳам решалаштирганмиз. Қолаверса, Самарқанд туризм маркази ҳудудида эски Самарқанд қиёфасини такрорлайдиган "Абадий шаҳар” тарихий мажмуи ҳам барпо этилмоқда. Мажмуа мамлакатнинг барча минтақаларидан ташриф буюрган ҳунармандларни бирлаштирадиган ва бутун дунёдан сайёҳлик оқимларини жалб қиладиган жойга айланади.

 

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА  

суҳбатлашди.

Комментариев: 0
Добавить комментарий