» » » Самарқанддаги маҳаллаларнинг 1700 тадан ортиқ “ўсиш нуқта”си аниқланди


Самарқанддаги маҳаллаларнинг 1700 тадан ортиқ “ўсиш нуқта”си аниқланди

Самарқанддаги маҳаллаларнинг 1700 тадан ортиқ “ўсиш нуқта”си аниқланди

Ушбу марказларнинг ҳар бири 9 штат бирлигидан иборат бўлиб, 1 нафар марказ раҳбари, 4 нафар бўлим бошлиғи ва 4 нафар бўлим ходимлари тайинланди. Ҳар 3 та маҳаллага 1 нафардан инсекторлар бириктирилди.  


– Янги тизим бўйича ҳозир шаҳар ва туманлар секторларида иқтисодий комплекс ташкилотларининг малакали раҳбар ва ходимларидан иборат 64 та "Бошқарув офислари” ташкил этилди ҳамда 1100 та маҳаллага тижорат банкларининг масъул ходимлари "доимий вакил” сифатида бириктирилди – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов. – Маҳаллаларнинг тадбиркорлик ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари бевосита шаҳар ва туманлар ҳокимларининг иқтисодий масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари тизимига ўтказилди.

Маҳаллаларда ҳар бир оиланинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи "Бошқарув офис”лар, доимий вакиллар ва 3 та ҳудудда янги ташкил этилган марказлар томонидан уйма-уй юриш орқали хатловдан ўтказилди.


Шу билан бирга хатлов натижасида ҳар бир маҳалланинг аҳолиси азалдан кўникма ва бой тажрибага эга бўлган 33 та ихтисослашган йўналишлари ёки маҳаллаларнинг 1700 тадан ортиқ "ўсиш нуқта” (драйвер)лари аниқланди.


Ишсиз фуқаролар билан индивидуал сўровномалар ўтказилиб, уларнинг хоҳиш-истаклари ўрганилди. Ўрганишлар натижаси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича "Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг сессияларида муҳокама қилиниб, тасдиқланди.

 

"Йўл хариталари”га асосан вилоят бўйича 64 мингдан ортиқ доимий даромадга эга бўлмаган оилалар, шунингдек, 132 минг 145 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.


Қайд этиш лозимки, мазкур фуқароларнинг 61 минг 852 нафари 18-30 ёшдаги йигит-қизлар, 32 минг 899 нафари 30 ёшдан катта хотин-қизлардир.


Ишсиз фуқароларнинг 15 минг 155 нафарини касб-ҳунарга ҳамда 5 минг 537 нафарини тадбиркорликка ўқитиш чоралари кўрилмоқда.


Шунингдек, "Йўл хариталари”да ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг коммунал хизматларга бўлган эҳтиёжларини қондириш (ички кўчаларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, табиий газ таъминоти ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш) ҳамда мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасаларини янгидан қуриш ва мавжудларини таъмирлаш белгиланган.


Бугунги кунгача "Темир дафтар”даги оилаларининг меҳнатга лаёқатли 66 минг 629 нафар аъзоларининг бандлиги таъминланди. Жумладан, 444 киши оилавий тадбиркорликка, уларнинг 154 нафари ҳунармандчиликка жалб этилди. Бундан ташқари, 4 минг 971 киши жамоат ишларига олинди, 6 минг 188 нафар фуқаро саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишга туширилган ёки фаолияти кенгайтирилган корхоналарга жойлаштирилди.


Уй-жой ва инвестиция дастури бўйича қурилаётган объектларда 1 минг 530 кишининг бандлиги  таъминланган бўлса, 7 минг 771 нафар ишсизларга ер ажратиб берилди.  Ўзини-ўзи банд қилган "Темир дафтар”даги фуқаролар сони 42 минг 14 нафарни ташкил қилди.


Уч дафтарда рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли, аммо ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, ўзини-ўзи банд қилиш ва қўшимча даромад манбаини шакллантириш мақсадида 10 минг 464 нафар фуқарога 20,6 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар тарқатилди.


"Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан "Темир дафтар”даги оилаларнинг олий таълим муассасаларида ўқийдиган 72 нафар фарзандларининг 279,3 миллион сўмлик контракт пуллари тўлаб берилди.


Бу каби амалий ишлар натижасида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларининг сессия қарорлари билан 64 минг 764 нафар бандлиги таъминланган аъзолари бўлган 47 минг 35 та оила "Темир дафтар”дан чиқарилди.


Мазкур рўйхатда 1 июль ҳолатига 19 минг 610 нафар оила аъзоси ва 2 минг 736 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари бўлган 5 минг 13 та оила қолмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА



 


Комментариев: 0
Добавить комментарий