» » » Самарқандда шаҳарсозлик лойиҳаси асосида юриш ва югуриш махсус йўлаклари ташкил этилади


Самарқандда шаҳарсозлик лойиҳаси асосида юриш ва югуриш махсус йўлаклари ташкил этилади

Самарқандда шаҳарсозлик лойиҳаси асосида юриш ва югуриш махсус йўлаклари ташкил этиладиРеспубликада вилоятимиз миллий терма жамоа сафида спортнинг дзюдо, миллий кураш, бадиий гимнастика, қизлар бадминтон жамоаси биринчи ўринни эгаллаб келаётгани, Самарқанд шаҳрининг шаҳарсозлик лойиҳаси асосида юриш ва югуриш учун махсус йўлаклар ташкил этилади.

 

Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Самарқанд вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев иштирокида ўтказилган "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасига замонавий инновациялар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш истиқболлари” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борган анжуманда эндиликда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида доимий спорт мусобақалари ўтказилиши таъкидланди.

 

Президентимиз раҳбарлигида 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектр мажлисида айтилган 5 та ташаббуснинг иккинчи ташаббуси "Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб бериш” масалалари ва бошқарма томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

 

- Жисмоний тарбия ва оммавий спорт соҳасига инновацион фикрлайдиган маъмурий кадрларни тайёрлаш ва танлашни ташкил этиш бўйича махсус дастурлар жорий этилади, - дейди Ш.Рўзиев. - Яна шунингдек, профессионаллар, менежерлар, спорт тиббиёт ходимлари ва психологлар учун семинарлар ўтказилиши, Sport Management (спортни бошқариш), Sport Leadership (спортда раҳбарлик қилиш), Sport Administration (спорт маъмуриятчилиги) йўналишлари бўйича етакчи жаҳон спорт марказларида тажриба орттиришлари ташкил қилинади. Бундан ташқари, 2019-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантиришнинг янги концепцияси ишлаб чиқилгани, бунда тўгараклар ва секциялар, "Спорт-ҳаёт тарзи” хэштеги остида спорт ва жисмоний тарбия-оммавий мавзули тадбирлар ташкил этилиши айтилди. SPORTS.UZ ахборот портали яратилади. Бунда долзарб йўналишларда-жамоатчилик фикри мониторинги, ижтимоий сўровлар ўтказилади. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири билан алоқа қилиш линиясини очилади, воқеалар календари, машқлар органайзери, аҳоли фаоллиги мониторинги олиб борилади. iSPORT мобил тармоқлари учун ҳам спорт иловалари ишлаб чиқилади.

 

Шунингдек, қишлоқ, туман ва шаҳарларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2018-2019 йилларда 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларида сунъий қопламали спорт майдончалари ҳамда бадминтон майдончаларини барпо этиш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланган.

 

Аҳолини, айниқса, ёшларни спортга қизиқишини янада ошириш ишларини оиладан бошлаш кераклиги, бу бўйича телевидениеда махсус спорт соғломлаштириш кўрсатуви ташкил этилиши айтилди.

 

Вилоятимизда фаолият юритаётган ҳамда спорт зали мавжуд бўлган 795 та умумтаълим мактабларида қўшимча 4536 та спорт тўгараклари ташкил қилиш орқали 72044 нафар ёшларни спортга жалб қилиш чоралари кўрилади. Вилоятда мавжуд 21 та БЎСМларда қўшимча 282 та спорт гуруҳлари ташкил этиш ҳисобига 4676 нафар ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишга жалб этилади. Вилоятнинг олис ҳудудлари ва қишлоқларида ёшлар учун давлат-хусусий шериклик асосида 16 та сунъий қопламали футбол майдончалари 10 та волейбол, баскетбол майдонлари ва 2 та теннис кортини барпо этиш орқали қўшимча 22 555 нафар ёшлар спортга жалб этиш чоралари кўрилади.

 

Эслатиб ўтамиз: Бугунги кунда вилоятимизда жами 5 минг 555 та спорт иншоотлари мавжуд бўлиб, уларда 866 нафар тренир-ўқитувчилар 31 минг 370 нафар йигит қизларга спорт сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Шу билан бирга вилоятда рўйхатдан ўтган 71 та нодавлат спорт ташкилотлари ҳам аҳоли, айниқса, ёшларни спортга жалб этишга хизмат қилмоқда.

 

zarnews.uz

Комментариев: 0
Добавить комментарий