» » » Ареналарни забт этаётган жажжилар


Ареналарни забт этаётган жажжилар

Ареналарни забт этаётган жажжиларБугун Самарқанд шаҳридаги умумтаълим мактабларида таҳсил олиш билан бирга, иқтидор ва истеъдоди, эришаётган муваффақиятлари билан барчани ҳайратга солиб, халқимиз ифтихорига айланаётган ўқувчилар талайгина.

 

Биргина спортнинг шахмат тури бўйича мусобақаларга қатнашиб, Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпиони бўлган ўқувчилар нафақат тенгдошлари, балки катталарга ҳам намуна бўлиб келишаётир.

 

"Беларуснинг Минск шаҳрида жорий йилнинг 15-19 август кунлари бўлиб ўтган шахматнинг рапид ва тезкор шахмат тури бўйича III Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Афруза Ҳамдамова 10 ёшгача бўлганлар орасида олтин медални қўлга киритди”. Ушбу хушхабар бутун дунё ва мамлакатимиз интернет сайтлари, орқали тарқалди. Чунки, бу ютуқ айни пайтда 42-умумтаълим мактабида таълим-тарбия олаётган Афрузанинг ягона ғалабаси эмасди. У 2014 йилда 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида Руминияда ўтказилган жаҳон чемпионатида 3-ўринни, 2016 йил Ироқда ўтказилган Осиё чемпионатида эса 1-ўринни, шу йили Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам 1-ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон фахрига айланди. 2017, 2018 ва 2019 йилларда ҳам Афруза бир неча бор жаҳон миқёсидаги мусобақаларда олтин медални бўйнига тақиб, она-Ватанимиз байроғини баланд кўтарди.

 

Шундай иқтидорли ўқувчилардан яна бири айни пайтда 14-умумтаълим мактабида ўқиётган чемпион — Далер Воҳидовдир. У илк бор 2016 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлди. Шу йили Эронда ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида ўз ёш тоифасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. 2017 — 2019 йиллар давомида ҳам Д.Воҳидов мамлакатимиз ва дунёнинг турли давлатларида ўтказилган Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашиб, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди.

 

Бугун 12-умумтаълим мактабида ҳам шахмат бўйича уч нафар Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари таҳсил олишмоқда. Улар орасида Акобирхон Сайдалиевни танимаган, ёхуд жажжи чемпионнинг муваффақиятларини эшитмаган юртдошимиз, айниқса, шахмат ишқибози бўлмаса керак. Самарқанднинг фахрига айланган жажжи қаҳрамонимиз 2015, 2016, 2017 ва 2018 йиллар давомида АҚШ ва Россия ҳамда бошқа мамлакатларда ўтказилган жаҳон чемпионатларида кетма-кет биринчи ўринларни қўлга киритган. Акбархон жорий йил Республика ихтисослашган болалар ва ўсмирлар шахмат мактабида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида шахматнинг блиц, рапид ҳамда стандарт йўналишларида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллади.

 

Шу мактабда ўқиётган ўқувчилар Али Қосимов ҳамда Шарофатбегим Сайдалиевалар ҳам бир неча карра Ўзбекистон ва Осиё чемпионлари бўлишган. Ш. Сайдалиеванинг 2016 йилда АҚШда ўтказилган халқаро мусобақада кумуш медални қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 

Чемпионларимиз бундан-да юксак марраларни забт этишни ўз олдига мақсад қилишган. Улар эришаётган ютуқлар Самарқанд шаҳрида шаклланган шахмат мактабининг салоҳиятидан далолатдир.

 

Samarkand.uz

Комментариев: 0
Добавить комментарий