» » » Масжид қуриш тартиби қандай?


Масжид қуриш тартиби қандай?

Масжид қуриш тартиби қандай?

 

 

Савол: Мен яшаётган қишлоқ ҳудудида масжид йўқ. Шу сабабли қишлоқ учун масжид очмоқчи эдик. Бунинг учун қаерга мурожаат қилсак бўлади ва бунинг тартиби қандай?

 

Жавоб: "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, диний ташкилотларга ер ажратиш ҳамда ибодат биноси қуриш масаласида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига мурожаат қилиш лозим.  


Масжид биноси қуриб битказилгач, масжидни рўйхатдан ўтказишга Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати олиниши керак. Бунда Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган ҳужжатлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси орқали Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этилади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 409-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотлар (масжидлар, черковлар) тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.  


Савол: Чет элда ишлаётган турмуш ўртоғимнинг олдига ўғлим билан бормоқчи эдик. Лекин ўғлим чет элга чиқиши учун отасининг розилиги талаб қилинар экан. Бу масала қандай ҳал этилади?  


Жавоб: "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига тақдим этиладиган ҳужжатлар қаторига вояга етмаганлар учун ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги ҳам киритилган.

Ушбу ҳолатда ота ўзи яшаётган давлатдан нотариал тасдиқланган розилик аризасининг асл нусхасини юбориши керак.


Савол: Ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг жамоат жойида ўзаро уришиб, жанжаллашган ҳолатлари бўйича турли ахборотлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолатлар учун қонунчиликда қандай жавобгарлик бор?


Жавоб: Қонунчиликка кўра, жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик безорилик ҳисобланди. Ушбу қилмишни содир этган шахслар жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ёхуд ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.  


Агарда безорилик ҳаракати натижасида бошқа оғир оқибатлар келиб чиқса, қонунга мувофиқ, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади


Савол: Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатда яшаш учун маблағсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатилиши ҳақида эшитдим. Шу ростми?  


Жавоб: Жорий йил 12 апрель куни қабул қилинган ҳукумат қарори асосида "Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.


Низомга кўра, консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағсиз қолганда, муассасага молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин.


Муассаса 2 иш кунида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди (сафар мақсади, виза, яшаш шароити).


Ҳужжатлар ўрганилиши натижасида фуқарога қарз маблағини бериш ёки рад этиш бўйича хат юборади. Хат олганидан сўнг бир иш кунида муассаса фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади. Қарз олган фуқаро 30 кунда республика бюджетига қарзни қайтаради.


Савол: Алиментни доимий равишда тўлаб келаман. Фақат 2 ҳафтадан бери оғир касаллигим сабабли тўшакка михланиб қолдим. Қачон оёққа туришим аниқ эмас. Ушбу ҳолатда алимент тўлови бўйича имтиёз мавжудми?  


Жавоб: Оила кодексининг 141-моддасида алимент қарзини тўлашдан озод қилиш шартлари белгилаб қўйилган. Унга кўра, тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ алимент қарзини тўлашдан озод қилиш ёки уни камайтиришга тарафларнинг ўзаро розилиги бўлгандагина йўл қўйилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўланадиган ҳоллар бундан мустасно.


Агар суд алимент тўлаши шарт бўлган шахс касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга кўра алимент тўламаганлигини аниқласа ҳамда унинг моддий ва оилавий аҳволи йиғилган алимент қарзни тўлашга имкон бермайди, деб топса, алимент тўловчининг даъвосига биноан уни алимент қарзларини тўлашдан тўла ёки қисман озод этишга ҳақли.

 

Н.Абдураимова, ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий