» » » Президентнинг Душанбега сафари давомида Тожикистон телеканалларида янги ўзбек фильмлари намойиш этилади


Президентнинг Душанбега сафари давомида Тожикистон телеканалларида янги ўзбек фильмлари намойиш этилади

 

Президентнинг Душанбега сафари давомида Тожикистон телеканалларида янги ўзбек фильмлари намойиш этилади

 

Шунингдек, мамлакатнинг барча йирик кинотеатрларида ҳам тожик тилидаги ўзбек фильмлари намойишлари бошланган. Жорий йилнинг 19-22 май кунлари Тожикистон Республикасида ўтказилган Ўзбекистон киноси кунлари давомида Кинематография агентлигининг бир қатор фильмлари тожикистонлик томошабинлар томонидан кўтаринки кайфиятда қабул қилинган эди. Шундан сўнг, ўзбек киносининг қўшни давлатдаги ихлосмандлари томонидан фильмларни тожикчага дубляж қилиб, тақдим этиш таклифи берилди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи арафасида Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан Давлат буюртмаси асосида суратга олинган ушбу фильмларни қардош халқ телевидение ва кинотеатрларида намойиш қилиниши учун туҳфа сифатида тақдим этилди. 

Маълумки, Тожикистонда бўлиб ўтган ўзбек киноси кунларида Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти, таниқли ўзбек киноси арбоблари, кинорежиссёрлар, актёрлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қўшни мамлакатга ташриф буюриб, ҳар икки мамлакатнинг кино соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида келишувларга эришилган ва "Тожикфильм” Давлат муассасаси раиси Маҳмасаид Шоҳиён билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Меморандум бўйича ишлар тез фурсатларда бошланиб, режиссер Жаҳонгир Ахмедовнинг "Илҳақ” бадиий фильми, Шохрух Расуловнинг "Халқ юраги”, Жавоҳир Қосимовнинг "Абдураҳмон Жомий”, Жасур Исҳоқовнинг "Ягона осмон остида” ҳужжатли фильмлари тожик тилига таржима қилиниб, "Ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси” ДУК, "Spectre” ҳамда "Эзгу фильм” студиялари томонидан дубляж қилинди. 

"Тожикфильм” Давлат муассасаси бош директори Маҳмасаид Шоҳиён туҳфа қилинган ушбу фильмлар икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ва маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди: "Тожикистонда бўлиб ўтган ўзбек киноси кунлари”да Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбарияти билан кино санъатининг икки мамлакат маданий ҳаётида тутган ўрни, ўзбек ва тожик кинематографиясини ривожлантириш бўйича кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида келишиб олдик. Тадбирларда Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиев, Теша Мўминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов ва бошқа истеъдодли киноижодкорларнинг борлиги тожикистонлик ўзбек киноси мухлисларини жуда қувонтирди. Бизга туҳфа сифатида юборилган ўзбек халқининг юксак савиядаги фильмларини кинотеатрларимиз ва телевидениеларимиз орқали албатта намойиш этамиз. Ишонаманки, ушбу фильмлар икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.”



Кинематография агентлиги Ахборот хизмати

Комментариев: 0
Добавить комментарий