» » » Ўзбекистон Президентининг Туркия Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида


Ўзбекистон Президентининг Туркия Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида

Ўзбекистон Президентининг Туркия Президенти билан телефон орқали мулоқоти тўғрисидаЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мулоқот аввалида давлатимиз раҳбари Туркия Президентини туғилган куни билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро савдо ҳажми жадал суръатларда ортмоқда. 2018 йил якунларига кўра товар айирбошлаш 40 фоизга ошди. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида инвестиция ва инновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, туризм ва бошқа соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Туркия инвестициялари иштирокида 655 қўшма корхона фаолият юритмоқда, уларнинг 270 таси ўтган йили ташкил этилган.

Маданий-гуманитар алмашув кенгайиб бормоқда, туризм соҳасида ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Кейинги бир йилда мамлакатимизга ташриф буюрган туркиялик сайёҳлар сони 2 баробар кўпайди.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.

Мулоқот сўнггида Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлик яна бир бор таъкидланди.

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий