» » » Шахсга тааллуқли маълумотлар махфий ахборотдир


Шахсга тааллуқли маълумотлар махфий ахборотдир

Янги қонун

 

Шахсга тааллуқли маълумотлар махфий ахборотдирЭнди бу қонун билан ҳимоя қилинади, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузган шахслар жавобгар бўлади. Муҳими, шахс розилигисиз бундай ахборот тарқатилмайди.

 

Инсоннинг шахсий ҳаёти ҳақидаги ахборотларни ҳимоялаш давлат сири таркибига кирувчи маълумотларни ҳимоялаш даражасида. Бундай маълумотларга нисбатан уларнинг ҳимояси, тарқатилишининг олдини олиш шартлари, қайта ишлаш ва сақлашга доир аниқ талаблар бўлиши лозим.

 

Шахс ҳуқуқлари дахлсизлиги конституциявий асосда ҳимоя қилинади. Бу ҳуқуқлар доирасига, албатта, шахсга оид маълумотлар ҳам киради.

 

Сир эмас, шахсга оид маълумотлар, яъни муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва ёки бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот ўша шахсга қарши ишлатилиши мумкин бўлган манба ҳисобланади.

 

Бундай ахборотлар ҳимояси кафолатлари мавжуд бўлса-да, бу борада алоҳида қонун мавжуд эмас эди. Ҳозирги кунда ахборот технологиялари жадал ривожланган, ахборотларни тарқатиш осонлашиб бораётган бир шароитда фуқароларнинг шахсий ҳаётга доир ҳуқуқини ҳимоя қилишни кучайтириш зарурати ҳам долзарблашди.

 

Ўзбекистон Республикасининг "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуни шу мақсадга хизмат қилади.

 

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2019 йил 1 октябрдан эътиборан кучга киради.

 

– Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ ҳар бир фуқаро шахсий дахлсизлик, ўз шаъни ва обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқларига эга, – дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Бойматжон Расулов. – Бундан ташқари, "Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан фуқаронинг шахсига тааллуқли маълумотлар ҳақидаги ахборот махфий ахборотлар сирасига киради.

 

Мазкур нормалар шундан далолат берадики, давлатда инсоннинг шахсий ҳаёти ҳақидаги ахборотларни ҳимоялаш давлат сири таркибига кирувчи маълумотларни ҳимоялаш даражасида амалга оширилади. Шунга мувофиқ ҳолда ушбу маълумотларга нисбатан уларнинг ҳимояси, тарқатилишининг олдини олиш шартлари, қайта ишлаш ва сақлашга доир аниқ талаблар бўлиши зарур.

 

Шахсий маълумотлар, албатта, аниқ бир инсон билан бевосита боғлиқ бўлади. Шу каби, яъни шахснинг таржимаи ҳоли, оилавий ҳаёти, яшаш манзили, касби, сиёсий ва диний қарашлари ҳамда кўплаб бошқа маълумотлари жамиятда айланаётган ахборотлар оқимининг катта қисмини ташкил этмоқда.

 

Фуқаро давлат органларида, ижтимоий хизматларда, ишхонасида ва бошқа турли ташкилотларда ўзига тегишли маълумотларни қолдиради. Кўпчилик ҳолларда ушбу маълумотларни тақдим этиш инсон ўз шахсий манфаатлари доирасида ёки маълум бир хизмат туридан фойдаланиш учун амалга оширилади.

 

Замонавий дунёда ахборот технологияларини жадал ривожланиши, шахсга доир компьютер маълумотлар базаларини яратилиши ва бу базалардан ахборотларни осонликча тарқатилиши инсон манфаатлари учун турли таҳдидларни вужудга ҳам келтирмоқда. Хусусан, шахсга доир маълумотлар фуқаронинг розилигисиз тарқатилиши ижобий ҳолатлар билан бирга, маънавий ёки моддий зарар етказиши ҳам мумкин.

 

Шу сабабли, шахсий маълумотлар ҳимояси унинг барча сақловчилари учун қатъий тартибга солинган жараён бўлиши зарур. Ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, маълумотлар йиғиладиган ташкилотлар ахборот ресурсларининг бутун ва ишончли бўлишини таъминланиши ҳамда уларнинг ноқонуний тарқалишининг олди олиниши шарт.

 

Айни пайтда Ўзбекистон амалдаги қонунчилигида шахсий маълумотларнинг, шу жумладан, биометрик маълумотларнинг ҳуқуқий мақоми тартибга солинмаган ва уларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ талаблар белгиланмаган.

 

Бундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, шахсий маълумотларни тўплаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни қонун доирасида тартибга солиш масаласи ўта муҳим ва долзарбдир.

 

Шу маънода "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунни ўз вақтида қабул қилинган қонун, десак хато бўлмайди.

 

Қонуннинг асосий принципларига эътибор қаратсак: Инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилади. Шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги таъминланади. Шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги, махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги кафолатланади. Субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлиги ўрнатилади. Демак, қонунийлик, махфийлик, аниқлик, ишончлилик кабилар ушбу соҳадаги муҳим тамойиллардир.

 

Қонунга кўра, шахсга доир маълумотлар соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бу соҳасидаги ваколатли давлат органи – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан амалга оширилади.

 

Вазирлар Маҳкамаси шахсга доир маълумотлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди. Давлат дастурларини тасдиқлаш, маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш ва рўйхатдан ўтказиш тартибларини белгилайди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

 

Давлат персоналлаштириш маркази соҳага оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди. Қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этиш ҳақида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

 

Шунингдек, қонунда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш шартлари ва унга оид талаблар белгиланди. Шахсга доир маълумотларга ишлов беришга розилик бериш ва розиликни чақириб олиш тартиби, шахсга доир маълумотларга ишлов беришга тааллуқли ахборотни тақдим этиш тартиби мустаҳкамланди.

 

Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдор, оператор ва шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар маълумотларни ҳимоя қилинишини таъминлайдиган ҳуқуқий, ташкилий ва техник чоралар кўради.

 

Субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслик ва тарқатмаслик қонун билан қўйилаётган муҳим шартлардандир.

 

Қонун фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигини, шахсий маълумотлар билан ишлаш жараёнида барча қатнашчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

 

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий