» » » ДХХ катта миқдордаги дори воситалари контрабандасига чек қўйди


ДХХ катта миқдордаги дори воситалари контрабандасига чек қўйди

ДХХ катта миқдордаги дори воситалари контрабандасига чек қўйди

Мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотларининг ҳаракатланишини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизимини жорий этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

 

Бу эса Ўзбекистон ҳудудида фармацевтика маҳсулотларини реализация қилиш, шу жумладан, товар етказиб берувчилар тизимида иштирок этадиган ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчилар ҳақидаги маълумотларнинг мониторингини ўтказиш имконини беради.

 

Ушбу чора-тадбирлар ишлаб чиқарилаётган ва реализация қилинаётган фармацевтика маҳсулотлари устидан назоратни амалга оширишга қаратилган бўлиб, улар рўйхатга олинмаган, қалбакилаштирилган ва сертификатланмаган маҳсулотларни сотишга йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилади.

 

Маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши, транспортировка қилиниши ҳамда сақланиши шароитлари ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш уларнинг хавфсизлиги ишончли бўлишини таъминлайди.

 

Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимларининг Чегара қўшинлари ҳарбий ҳизматчилари ва Божхона қўмитаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбири давомида Қирғизистондан мамлакатимизга катта миқдордаги дори воситаларининг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олинди.

 

Уйчи тумани Янгиер аҳоли пунктида ўтказилган тадбир давомида Наманган шаҳри томон ҳаракатланаётган Уйчи тумани "Озод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи, муқаддам судланган, 1986 йилда туғилган Умаров Махмуд Зокиржонович бошқарувида бўлган "Ласетти" русумли автомобиль тўхтатилди. Автомашина кўздан кечирилганда унинг салонида катта миқдорда дори воситалари борлиги аниқланди.

 

Дастлабки суриштирув ишлари натижасида қўлга олинган шахсдан сертификатланмаган дори воситалари мевали боғ ҳудудида сақланганлиги ҳақида маълумот олинди ва кўрсатилган манзил кўздан кечирилди.

 

Тезкор тадбир жараёнида автомобилдан 48 та қутига жойлаштирилган 54 номдаги, мевали боғ ҳудудидан эса 102 та қутига жойлаштирилган 93 номдаги дори воситалари мусодара қилинди.

 

Мусодара қилинган "Снуп", "Просульпин", "Цефозалин", "Тромбопол", "Дексомет" каби 147 номдаги дори воситаларининг умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ суммани ташкил этади. Аниқланишича, ушбу препаратлар Тошкент шаҳрига олиб бориб сотилиши керак бўлган.

 

 

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, ушбу ишга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича ҳам чора-тадбирлар кўрилмоқда.

 

ЎзА

Комментариев: 0
Добавить комментарий