» » » Суратингиз тарқалишига розимисиз?


Суратингиз тарқалишига розимисиз?

Суратингиз тарқалишига розимисиз? Кўчада кетаётганингизда Сизни телевидение учун тасвирга олишаяпти ёки қайсидир суратингиз ё видеотасвирингиз интернетда тарқатилмоқда. Агар Сизга бу ёқмаса"Нега мендан сўрашмади?”,"Энди нима қиламан?”деган ҳақли саволлар пайдо бўлади. Бундай ҳолатларга кўплаб дуч келамиз. Хўш бунинг ечими қандай?


Адлия вазирлигининг фикрича фуқаронинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш механизмлари қонунчиликда тўлиқ акс эттирилмаган. Шу сабабли, вазирлик Фуқаролик кодексига қўшимча киритишни таклиф этмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.


Таклиф этилаётган Қонун лойиҳасида, фуқарони тасвирга тушириш ва ундан фойдаланишдан олдин қандай ҳолатларда розилиги олиниши ёки олинмаслиги аниқ белгилаб қўйилмоқда.


Хусусан, лойиҳага кўра умумий ҳолатларда фуқаронинг тасвирини (фото, видео, санъат асарикўринишида) бошқа шахслар тушириши ва ундан фойдаланишидан олдин розилигини (ёзма, оғзаки ёки ҳаракат билан) олиши лозим. Агар бундай розилик олинмаганда, фуқаро тасвирини ўчириб ташлашни талаб қилиш ҳамда етказилган зарар ва маънавий зиённи фуқаролик суди орқали ундириш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.


Шунингдек, бедарак йўқолган ёки жиноят содир этган шахсни қидирувга беришда, давлат чегараси ва қўриқланадиган ҳудудлардан ўтиш ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этишда, доимий кузатув жойларида (метро, ҳиёбон, бинолар ва бошқа)хавфсизлик, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларни манфаатини ҳимоя қилиш каби мақсадларда тасвирга тушириш ва ундан фойдаланиш учун фуқаронинг розилиги талаб қилинмаслиги назарда тутилмоқда.


Айрим тоифадаги шахсларни, хусусан, давлат хизматчиларини хизмат вазифаси ўташ пайтида, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илм-фан, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда таниқли шахсларнинг тасвиридан жамият учун қизиқиш уйғотадиган ахборотларни тарқатиш мақсадида фойдаланилганда ҳам эгасининг розилиги олинмаслиги таклиф этилмоқда.


Киритилаётган ўзгаришлар фуқаронинг шаънини камситадиган, обрўсига путур етказадиган, шахсий ҳаёти билан боғлиқ воқеаларни ўз ичига олган тасвирларини тарқатишга асос бўлмайди. Бундай ҳаракатлар тақиқланган бўлиб, улар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни биланregulation.gov.uzда танишишингиз ва фикр билдиришингиз мумкин.

Комментариев: 0
Добавить комментарий